Линклар

Шошилинч хабар
02 август 2025, Тошкент вақти: 16:37

"Қўшни билан танишяпмиз". Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сайёҳлар кўпайди


Самарқандлик нон сотувчи аёл.
Самарқандлик нон сотувчи аёл.

Бир пайтлар чегаралари ёпилиб, алоқалари деярли узилган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида охирги йилларда туризм соҳасида жиддий жонланиш кузатилмоқда.

Қарийб 38 миллионлик Ўзбекистондан 7 миллионлик Қирғизистонга сафарлар ортиб, аввал фақат шаҳар ва қишлоқлар билан чекланган оқим энди экотуризм йўналишларига ҳам бурила бошлади. Бу тенденцияни матбуот тобора кўпроқ ёритмоқда.

Чегара постларининг кўпайиши ва ID-карта орқали ўтиш имконияти оқимни кучайтирган. Ижтимоий тармоқларда саёҳат видеолари ва туризм рекламаси фаоллашган.

Аммо айрим манбалар таъкидлашича, чегарадан ўтаётганларнинг ҳаммаси ҳам сайёҳ эмас.

"Қирғизистондаги тоғларни бошқа жойда кўрмаганман"

Фарғоналик Азизбек Акрамов 2024 йили биринчи марта Қирғизистонга 11 кунлик саёҳат қилди. Танишларининг таклифига кўра, қизини олиб шахсий автомобилида йўлга чиққан Азизбек сафар давомида Қирғизистоннинг Ўзбекистонга чегарадош ҳудудларидан бошлаб, пойтахт Бишкек ва Иссиқ-Кўлгача бир неча шаҳар ҳамда табиий масканларда бўлган, зиёратгоҳларга борган. Уни айниқса тоғлар ва даралар ўзига маҳлиё қилган.

“Қирғизистондаги тоғларни бошқа жойда кўрмаганман. Бизда ҳам тоғлар бор. Фарғона водийсидан Тошкентга элтувчи йўл ҳам тоғлар орасида. Тоғда кўп юраман. Лекин Қирғизистондаги каби тоғларни Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам кўрамаганман. Қирғизистонда сув жуда кўп экан. Ҳар қадамда канал, дарё, кўл” – дейди у.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг миллий статистика қўмитасига таяниб берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида хорижга чиққан 2,7 миллион фуқаронинг қарийб ярми Қирғизистонга сафар қилган. Шу даврда Ўзбекистонга келган 3,5 миллиондан зиёд хорижий туристлар ичида ҳам Қирғизистон фуқаролари миллион атрофида бўлиб, биринчи ўринни эгаллаган. Кейинги ўринда тожикистонликлар, қозоғистонликлар, россияликлар ва саудияликлар туради.

Азизбек Акрамовнинг Қирғизистонда тушган расми.
Азизбек Акрамовнинг Қирғизистонда тушган расми.

“Халқ ўртасидаги муносабат ҳам борган сари яхшиланяпти. Қирғизистонликлар бизни жуда яхши кутиб оляпти, кўряпмиз. Авваллари шундай бўлиши мумкинлигини балки ўйлаб ҳам кўрмагандирмиз. Интеграция борган сари яхшиланяпти, инфратузилма яхшиланяпти. Давлатларимиз туризмни ривожлантириш иқтисодиётга фойда беришини тушиниб етяпти. Бу эса ҳозирги сиёсатнинг натижаси ўлароқ одамларга қулайлик туғдиряпти” – дейди сайёҳ Азизбек.

У икки йил давомида Қирғизистонни ўзи учун “қайта кашф этганини” айтади. Таъкидлашича, аввал сиёсий чекловлар, ёпиқ чегаралар ва беқарор алоқалар туфайли кўпчилик қўшни давлатга нафақат бориб кўрган, балки буни тасаввур ҳам қилмаган. Қирғизистон кўпчилик ўзбекларнинг фикрида митинг ва пикетлар тўхтамайдиган ўлка сифатида кўрилган.

Азизбек бу йил ҳам август ойи бошида Бишкекка ва Иссиқ-Кўлга ўз автомобилида яна оилавий сафар режалаштиряпти. Ўтган йили у 11 кунлик саёҳат учун 700 АҚШ доллари сарфлаганини айтмоқда, бу йил эса бутун оиласи билан келаётгани учун ундан икки карра кўпроқ ишлатиши мумкин.

“Қирғизистондаги табиатнинг хақиқий табиий соф ҳолда эканини кўриш учун ҳам борамиз. Бизни қизиқтиргани шу. Қўл тегилмаганини кўришнинг завқи бошқача” – дея сўзини якунлади у.

Лекин Ўзбекистондан Қирғизистонга келаётганларнинг барчаси ҳам Азизбек каби табиатга қизиқмайди. Кўпчиликнинг маршрути оддий: бозор, шаҳар маркази ёки муқаддас жойлар. Қимматроқ, яъни тоғлар, кўллар, экотуризм каби йўналишларга қизиқувчилар сони ҳозирча кам ва энди ривожланмоқда.

“Ўзбекистондан қулайроқ ҳамкор йўқ экан”

Ўзбекистонга сафар қилаётган чет элликлар орасида ҳам қирғизистонликлар биринчи ўринда турибди. Улардан бири - бишкеклик Бақай Эген. У апрел ойида қўшни ўлкага бориб келди:

Бакай Эгеннинг Ўзбекистондаги расми.
Бакай Эгеннинг Ўзбекистондаги расми.

“Мен Ўзбекистондан жуда илиқ таассурот билан қайтдим. Бизга нисбатан яхши муомалани Тошкентга бориб, автобусдан тушишим билан сездим. Ўзбеклар бизга яқин қардош эканини Ўзбекистонга борганда тушиндим. Ўзбекистонни кўпчилик бизга бегона ўлка деб ўйлайди. Йўқ, ундай эмас экан. Қўшни билан энди танишяпмиз”.

Охирги йилларда Ўзбекистондан Қирғизистонга ва Қирғизистондан Ўзбекистонга саёҳат таклиф қилган турфирмалар сони ҳам ортган. Турфирмалар блогерларни у ёки бу давлатга бепул олиб бориб, рекламага кўпроқ эътибор қаратишмоқда.

Таҳлилларга кўра, икки давлатга саёҳатчилар сонининг ўсиши аввало, чегаралардан ўтиш осонлашгани ва сафар арзон бўлгани билан боғлиқ. Виза талаб қилинмайди, йўл қисқа ва бир-бирининг тилини тушунишади.

“Бизнесми, туризмми, савдоми ёки бошқами, биз учун Ўзбекистондан яхшироқ ва қулайроқ ҳамкор йўқ экан. Мен шуни тушундим. Ўзбекистон катта бозор экан. 37 миллиондан кўп халқи давлат ёнимизда, лекин бизда улар билан яхши алоқа бўлмаган. Мен аввал ҳам борганман Ўзбекистонга, лекин у пайтлари чегарадан ўтиш қийин эди. Бу сафар 15 дақиқада ўтдим. Навбат кутиш йўқ. Авваллари соатлаб навбат кутардик”.

Меҳмонларнинг ҳаммаси ҳам сайёҳ эмас

Аммо минтақада ўзаро туристик қатнов бўйича пешқадам бўлган Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳозирча қиммат саёҳатчилар тоифасига кирмайди. Улар аксар ҳолларда меҳмонхоналарда эмас, асосан ижара уйларда, танишларникида туришади ва овқат-ошини кўпинча ўзлари тайёрлаб тамадди қиладилар.

БМТнинг Бутунжаҳон туристик ташкилоти маълумотига кўра, туристларнинг сарф-харажати нафақат миқдор, балки мақсад бўйича ҳам фарқланади. “Иқтисодий турист” деб аталадиган саёҳатчилар одатда маҳаллий бозорлар, ижара уйлар ва ўзини ўзи таъминлашга мўлжалланган сафар моделини танлайдилар. Қирғиз ва ўзбек сайёҳлари ҳозирда мана шу тоифага кирадилар.

Қирғизистонлик сайёҳ Андижондаги Бобур ҳайкалини тасвирга оляпти.
Қирғизистонлик сайёҳ Андижондаги Бобур ҳайкалини тасвирга оляпти.

Қолаверса, туризм соҳасида ечим талаб қиладиган масалалар ҳам талайгина. Масалан, “Озодлик” мухбири гаплашган ўзбекистонликларнинг аксарияти Қирғизистонда тоғларга элтувчи йўлларнинг ёмонлигидан ва Иссиқ-Кўл бўйида эсдалик буюмлар, мева-чева қимматлигидан шикоят қилишди. Баъзилари эса йўл бўйида чиқинди кўплигини тасвирга олиб, видеоларни ижтимой тармоқларга жойлашган.

Қирғизистонликлар эса Ўзбекистонда маҳаллий киракашлар орасида туристларни алдаб, қиммат йўлкира олганлар кўплигини, шаҳарларда дўконлар эрта ёпилиб қолишини ёқтирмайдилар.

Яна бир қизиқ жиҳати, расмий статистикада “сайёҳ” деб кўрсатилган миллионлаб одамларнинг барчаси ҳам саёҳатчи эмас. Буни Қирғизистон Давлат чегара хизматида ишлаган, исмини ошкор қилишни истамаган ходим шундай тушунтирди:

“Чегарадан ўтаётганларнинг мақсадини сўраймиз. Кўпчилиги тўйга, маъракага ёки қариндошини кўргани келаётганлар. Бундан ташқари, Қирғизистонда қурилишда ёки тикув цехларида ишлашга келганлар талайгина. Лекин улар ўз сафарлари ҳақида аниқ маълумот бермайдилар. “Айланиш учун келяпмиз” дейишади. Биз эса уларни сайёҳ сифатида қайд этамиз. Аммо аввалги йилларга нисбатан қўшнилардан келаётган туристлар кўпайгани рост. Менимча, ҳозирда Қирғизистонга ўтган ўзбекистонликларнинг 30-40 фоизи ҳақиқий сайёҳлар бўлиши мумкин”.

Ўзбекистон-Қирғизистон алоқалари Ислом Каримов президентлик даврида кескин совуган. Турли сиёсий-ижтимоий сабаблар туфайли Тошкент чегараларни ёпиб қўйганди.

2016 йили Каримовнинг ўлимидан кейин эса минтақа давлатларида сиёсий алоқалар илиқлашиб, ҳукуматлар чегара муаммоларини ҳал қилишга киришди. 2023 йилда Тошкент ва Бишкек чегара узил-кесил ечилганини эълон қилди. Ёпилган чегара пунктлари кетма-кет очилиб, автомобилда қатнашга ҳам рухсат берилган. 2024 йилдан бошлаб икки давлат фуқаролари чегара назорат пунктидан ички паспорт – ID-карта билан ўта бошлаган.

Ҳалқ орасида келажакда Европа Иттифоқи сингари чегара назорат пунктлари биратўла олиб ташланишини орзу қилганлар кўп. Лекин бу борада ҳозирча расмий қадамлар йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG